Сиз буни биласизми? Сирка турлари.

Турли ширинликлар, соус ва қишга ҳозирланган корсерва ва тузламаларда сирка қўлланади. Дўконларда турли хилдаги сиркаларни учратиш мумкин. Уй бекалари асосан синтетик сирка турини ишлатишади. Шу билан бирга бу маҳсулотнинг турли турлари бор ва уларни таомларда ишлатилиш ўринлари ҳам хилма‑хил. Сирка қўллаш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига киради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалам сиркани «ажойиб зиравор», деган эканлар. 

ТАБИИЙ СИРКА ТУРЛАРИ

Олма сиркаси – шарбат ёки винодан тайёрланади. Оч жигарранг бу сирка турли салат, рагу ва димламаларда ишлатиш тавсия қилинади. У таом мазасига ўзгача таъм қўшади. 

Узум сиркаси – қўлланилган узум навига кўра қизил ёки оқ бўлади. Оқ узум сиркаси – балиқ ва товуқ гўштидан тайёрланган таомларда ишлатилади. Қизил тури эса – гўштли таомларга ва маринадларга хўштаъмлик беради. 

Гуруч сиркаси. Тозаланган ва тозаланмаган гуручда ҳозирланади. Тозаланган гуручдан ҳозирланганини оқ сирка, тозаланмаган гуручдан тайёрлангани эса қора сирка деб номлашади. Гуручли сирка бошқа сирка турларига қараганда юмшоқ. Салат соуслари ва енгил маринадларда ишлатилади. 

Бальзамли сирка – дунёдаги энг қимматбаҳо сирка. Оқ узумдан тайёрланади. Ўзига хос тайёрланиш услуби ва узоқ вақт давомида сирка қуюқлашади ва тўқ рангга киради. Ҳозирланиш техникаси мураккаб бўлганлиги боис, қимматбаҳо ҳисобланади. Дўкон расталарида бальзам сиркасининг ўхшашларини топиш мумкин. Бальзамли сирка ҳар қандай таомга ва ҳатто меваларга ҳам хўштаъмлик қўшади. 

СИНТЕТИК СИРКА

Эссенция кўринишида, ўткирлиги 70‑80 фоизни ёки аралаштирилган 9 фоизлик ҳолда бўлади. Бу сирка тури асосан қишки корсервалар ва тузламалар учун қўлланилади. Синтетик сиркани турли таомларда ишлатиш мумкин, аммо сирканинг табиий турлари саломатлик учун фойдалироқ. 

СИРКА ТАНЛАШ

Ёрлиғини ўқинг. Табиий сирканинг ўткирлик даражаси 6 фоиздан ошиқ бўлмаслиги керак. Таркибида эссенция, консервант ва бўёвчи моддалар бўлган сирка табиий эмас. 

Кўриниши: Сирка тагида бироз қўйқа бўлиши мумкин, ранги эса жуда тўқ ҳам, жуда оч ҳам бўлмаслиги лозим. 

Қандай идишда сақланади? Сирка харид қилганда албатта шиша идишдаги сиркани танланг. Чунки пластик идишларда турли кимёвий реакциялар ҳосил бўлиши оқибатида сирка таркибида саломатликка зарарли бўлган моддалар йиғилиши мумкин. 

Сақлаш: Табиий сиркани қоронғу ва совуқ жойда сақлаш зарур. Шунда сирканинг ҳид ва таъмига зарар етмайди. 

УЙ ШАРОИТИДА СИРКА ТАЙЁРЛАШ

Сиркани уй шароитида ҳам ҳозирлаш мумкин. Тайёрлаш сирларини ўрганиб олсангиз, ҳеч бир сирка ўз қўлларингиз билан ҳозирлаган сирканинг ўрнини боса олмайди. Ҳамда ичига солинган маҳсулотлардан кўнглингиз хотиржам бўлади. 

ОЛМА СИРКАСИ

1 кг олмани уруғидан тозаланг, пўстлоғига тегманг ва олмаларни катта‑катта тўғранг. Олмаларни ичи чуқур идишга солинг ва ярим стакандан камроқ шакар солинг. Сирканинг тезроқ тайёр бўлиши учун 10 гр ачитқи (бозор дрожжеси) солишингиз мумкин. Олмалар устида 1,5‑2 литр қайнатилган илиқ сув солинг ва идиш устини ёпиб қоронғу ва илиқ жойга қўйинг. 10 кундан сўнгра эса олмаларни сувдан сузиб олинг. Устини дока билан ёпиб, яна 2 ҳафтага қолдиринг. Тайёр бўлган сирка оч рангга киради. Шиша идишларга солиб, қопқоғи ёпиқ ҳолда сақланг.

Кейинги мақолаларда сирканинг шифобахш хусусиятлари ҳақида иншааллоҳ тўхталамиз.

Добавить комментарий