
Тиббиётда терининг шакли ва ранги бўйича фарқ қиладиган қисмини хол(невус) дейилади. Хол таркибига қараб икки хили фарқланади: томирли(ангиома) ва томирсиз(тери сатхидан кўтарилган тўқ рангли хосила). Уларнинг симметриклиги, ўлчами, чегарасининг холати, босилганда йўқолиши каби хусусиятларига қараб фарқлаш мумкин. Ангиома турли ўлчамларда бўлиши мумкин, қирғоқлари нотекис бўлади ва босилганда ранги ўзгаради. Хол эса чегараси текис бўлади, 6-10 ммгача бўлади ва босилганда ўзгармайди. Хол инсонда туғма бўлиши ёки кейинчалик хамма ёшда пайдо бўлиши мумкин. Одатда хомиладорликда ва узоқ вақт қуёш остида юриш оқибатида пайдо бўлади. Холнинг қуйидаги турлари мавжуд:
- Лентиго. Бу хол ва сепкил орасидаги холат бўлиб, сепкилдан фарқлари: сон жихатидан кам бўлади, ранги тўқ жигарранг ёки қора бўлади ва қуёш нурида ранги ўзгармайди.
- Эпидермо-дермал невуслар. Юзаси текис, тери устидан кўтарилиб турувчи, тўқ жигаррангда ва ўлчами 1-10 мм атрофидаги холлар. Улар одатда қўл ва оёқ кафтида хамда жинсий сохада жойлашади.
- Мураккаб невуслар. Доимий теридан кўтарилиб турувчи қора холлар.
- Интрадермал невуслар. Ттери рангидан бошлаб тўқ қора рангача бўладиган холлар. Уларнинг юзаси текис ёки нотекис бўлиши мумкин, баъзан устида туклар бўлади.
- Саттон невуслари. Тўқ рангли хол атрофида «узук”ка ўхшаб рангсиз тери бўлади.
- Диспластик невуслар. Уларнинг шакли ва чегараси нотекис бўлиб, ўлчами хам турли хил 5-12 мм бўлади. Улар одатда кўздан яширин жойларда сон ички томони ва бошнинг сочли қисмида учрайди.
- Кўк холлар. Улар ярим шарсимон шаклда теридан бўртиб туради. Ўлчами 0.5-2 см бўлади ва кўкиш рангда бўлади. Улар одатда юз, қўл-оёқ ва орқада жойлашади.
- Гигант пигментли невуслар. Улар одатда тўғма бўлади, катта ўлчамда бўлади. Бола ўсиши билан у хам катталашади.

Холни қачон олиб ташлаш керак?
Кўп тиббиёт олимлари холни «бочкадаги порох” деб аташади. Бундай деб аташга сабаб, уни хохлаган вақтда хавфли ўсмага(кўпроқ меланомага) айланиши мумкинлигидир. Хавфли ўсмага айланишига кўпроқ қуйидагилар сабаб бўлади:
- Узоқ вақт қуёш остида юриш. Бир кунда 15 соатдан ошиқ қуёш нурлари остида юриш тери иммунитетини ўзгартиради ва холни ўзгаришига сабаб бўлади.
- Хомиладорлик. Хомиладорлик вақтида гормонлардаги ўзгариш хисобига келиб чиқиши мумкин.
- Шикастланиш. Тери устида жойлашган холлар турли сабаблар таъсирида тез шикастланиши мумкин. Бундай холда зудлик билан онколог шифокор кўригидан ўтиш керак.
Бундан ташқари хол сохасида бўладиган қуйидаги холатларда хам онколог шифокор кўригидан ўтиш зарурдир:
- Хол ранги ўзгариши: тўқлашиши, очариши, нотекис ранги ўзгариши.
- Хол устидаги тери кепакланиши.
- Хол атрофида тери ранги қизариши.
- Хол чегараси ўзгариши.
- Хол ўлчами катталашиши ва қаттиқлашиши.
- Хол асосида тугунлар пайдо бўлиши.
- Хол сохасида қичишиш, ачишиш ва бошқа хиссиётлар пайдо бўлиши.
- Хол устидаги тукларни тўкилиши.
- Хол устида яралар ва ёрилишлар пайдо бўлиши.
- Хол ўлчами 5 мм дан ошиқ бўлса ва хомиладорликда кўпроқ эътибор қаратиш.
Ўзгаришсиз холни олиб ташласа бўладими?
Кўп шифокорлар буни тавсия қилмайди. Чунки жуда кўп одамларда хол бор, лекин меланомага айланиши кам кузатилади. Холни эхтиёт қилиш чораларини кўриш ва доимий назорат қилиб юриш керак. Юқоридаги белгилардан бирортаси юз берса, зудлик билан шифокорга учрашиш зарур.