
Одатда инсон танаси учун хавфсиз бўлган нарсаларга иммун тизимини кучли жавоб реакцияси аллергия деб аталинади. Бу холатни янада яхшироқ тушунишингиз учун иммун тизими хақидаги мақолаларимизни ўқишни тавсия қиламан. 1-қисм, 2-қисм, 3-қисм.
Қисқача мазмуни:
- Одатдаги аллергияда кўз ёшланади ва қичийди, терида тошма чиқади ва қичишади, акса уриш ва бурун битиши кузатилади.
- Анафилактик реакция каби реакциялар хаётга хавф солиши мумкин.
- Диагноз симптомларга қараб қўйилади ва аллерген (аллергия чақирган модда) турини тери синамалари билан аниқлаш мумкин.
- Кучли ва оғир аллергияси мавжуд одамлар ўзи билан шприцдаги эпинефрин ва антигистамин таблеткалар олиб юриши керак.
- Энг яхшиси аллергенни аниқлаб ундан қочиб юриш керак. Баъзан махсус аллергенга қарши иммунотерапия инсонда десенсибилизация (реакцияни йўқолиши) чақириши мумкин.
- Оғир холатдаги реакциялар шошилинч равишда шифохонада даволанади.
Аллергенлар инсон терисига, шиллиқ қаватларига (озиғ, бурун, томоқ, кўз, нафас йўллари), овқат таъсирида ва инъекция қилиш натижасида қонга тушиб аллергик реакция чақиради.
Инсон танасида аллергенлар билан биринчи мулоқот қиладиган модда – иммуноглобулин Е деб номланган антителадир. Улар қонда базофил деб номланган лейкоцитлар билан ва тўқимада семиз хужайра деб номланган хужайралар билан боғланади. Аллергия чақирувчи модда (аллерген) билан биринчи маротаба контакт бўлганида одатда реакция бўлмайди. Бунда сенсибилизация яъни шу аллергенга нисбатан сезувчанлик ортади. Кейинги сафар қайта контакт бўлганида бу хужайралар ўзидан биологик актив моддалар (гистамин, простагландин ва лейкотриен) ишлаб чиқаради. Айнан шу моддалар тўқимада шиш ва яллиғланиш белгиларини келтириб чиқаради. Демак қисқа хулоса қиладиган бўлсак: ташқаридан аллергия қўзғатадиган модда танадаги “уруш”ни бошлаб беради холос. Қолгани инсон танасида бир-бирига уланиб кетадиган мураккаб жараёнлар бўлиб, инсон хаётига хавф солиши хам мумкин.
Аллергия сабаблари
- Ирсий омиллар. Аллергияси мавжуд одамларда деярли бир хил ген мутацияси аниқланган. Бундан ташқари оилавий бир моддага нисбатан аллергия бўлиши хам унинг ирсий омилини тасдиқлайди.
- Атроф мухит омиллари:
- Ташқи терига таъсир қилувчи аллергенлар
- Овқат таркибидаги аллергенлар
- Хаводаги ифлосланиш ва аллергенлар
- Бактерия ва вируслар таъсири. Бактерия ва вируслар иммун системани чиниқтиради ва ёт моддаларга танага хавфсиз усуллар билан жавоб беришга ўргатади. Оилада бола сони кам бўлса, покиза шароитда ўсади ва ёшлигидан антибиотик қабулини бошлайди. Айнан шу каби болаларда аллергия кўпроқ учрар экан.
Аллергия белгилари
- Кўз ёшланиши ва қичиши
- Бурун битиши ва оқиши
- Акса уриш
- Тери қичишиши
- Теридаги тошмалар. Кўпроқ эшакем (торва, крапивница) чиқади. Бу холат томирдаги суюқликни тери остига ўтиши натижасида келиб чиқади.
- Аллергия нафас қисишига ва астмани қўзғашига сабаб бўлиши мумкин
- Анафилактик реакциялар инсон хаётига хавф солиши мумкин. Нафас йўллари торайиб нафас олишга имкон бермайди ва томирлар кенгайиб қон босим хавфли пасайиб кетиши мумкин.
Аллергияни диагностикаси
- Шифокор кўриги ва касаллик анамнези. Бемор ва яқинларидан қуйидаги саволларни сўраши мумкин:
- Яқин қариндошларида аллергия мавжудми?
- Аллергия қайси вақтлар бўлади ва қанча давом этади?
- Неччи ёшидан бери аллергия кузатилади?
- Аллергияни нима қўзғотади (жисмоний мехнат, чанг, хайвон, овқат, дори ва б.)?
- Қандай даволаш усуллари қўлланилган ва фойдаси қандай бўлган?
- Баъзан қон тахлили. Қон таркибидаги эозинофиллар миқдори кўпайиши аллергия мавжудлигини тасдиқлайди. Нима нарсага аллергия мавжудлигини эса турли диагностик синамалар ёрдамида аниқланади.
- Диагностик синамалар:
- Тери синамалари: терига турли аллергенлардан тайёрланган эритмани томчилатиб, терини игна билан тирналади. Агар маълум моддага аллергия мавжуд бўлса ўша сохада тошма пайдо бўлади. Агар бу холатда аллергини аниқланмаса эритмани тери ичига инъекция қилиб жўнатилади. Тери ичига жўнатишдан олдин бемор антигистамин ва бета блокатор дориларни тўхтатиши керак бўлади.
- Иммуноглобулин Е ли зардоб билан қондаги махсус аллергенларни аниқлаш.
- Провакацион тест. Провакация – қўзғотиб кўриш. Яъни аллергия чақирадиган нарсалар билан беморда аллергияни чақириб кўриш. Бу диагноз қўйиш учун эмас балки касаллигини тасдиқлатиб, хужжат учун керак.
Аллергияни даволаш
Даволашни бир қанча усуллари мавжуд:
- Аллерген билан контактда бўлмаслик – энг яхши усул хисобланади. Агар дори, овқат ва шу каби аниқ нарсаларга аллергия бўлса уларга яқин йўламаган маъқулдир.
- Дорилар билан даволаш. Дориларни доимий ичиб юриш керак ва улар қисқа муддатли таъсир қилади:
- Антигистамин дорилар. Уларнинг чиқарилиш шакллари жуда хилма-хилдир. Таблетка, капсула, ичиш учун эритма, аэрозол, кўз томчи, ласьон, крем, гель ва спрейлар шулар жумласидандир. Енгил холатларда антигистаминларнинг ўзи етади. Оғир холатларда бошқа дорилар билан бирга қўлланилади.
- Семиз хужайра девори стабилизаторлари. Кромолин, кетотифен каби дорилар бўлиб, булар хам енгил холатларда узоқ қабул қилишга буюрилади.
- Кортикостероид гормонлар. Ўткир ва оғир холатларда тез ёрдам беради. Буларни узоқ қабул қилиб бўлмайди.
- Лейкотриен модификаторлари. Базофил ва семиз хужайралардан лейкотриен ишлаб чиқарилишини тормозлайди.
- Моноклонал антителалар. Булар иммуноглобулин Е ни ўзига бириктириб олади. Натижада базофил ва семиз хужайраларга унинг таъсирини камайтиради.
- Оғир холатларда шошилинч тиббий ёрдам учун шифохонага ётқизилади.