
Инсон асабийлашганда нима учун қалтирашини билмоқчи бўлсангиз мақолани охиригача ўқинг.
“Қўрққанга қўш кўринар” халқ мақолини тушуниш учун хам мақолани охиригача ўқинг.
Алкалоз – қон таркибида бакарбонатни ошиб кетиши, кислотани камайиб кетиши (метаболик алколоз), тез ва чуқур нафас олиш хисобига карбонат ангидридни камайиб кетиши (нафас алколози) билан ифодаланувчи қоннинг ишқорий холати ошиб кетадиган патологик жараёндир. Қисқача қилиб айтилганда қоннинг кислота-ишқор холати ишқорий томонга силжишидир.
Қисача мазмуни:
- Беморларда таъсирланувчанлик, мушаклар қалтираши (титраши), ихтиёрсиз харакат ва хатто мушаклар спазми пайдо бўлади.
- Алколозни аниқлаш учун қон тахлили қилинади.
- Метаболик алколозни суюқлик ва минераллар (натрий ва калий каби электролитлар) қуйиш орқали даволанилади.
- Нафас алколозини эса сабабини йўқотиш орқали даволанилади
Қон рН даражаси. (рН – кислота-ишқорий холати)
Кимёда рН (талаффузи: пе-ҳаш; ингл. potential Hydrogen — «потенсиал водород») сувли эритманинг кислота ёки ишқорлиги ўлчовидир. Хар қандай суюқлик, шу жумладан қоннинг хам кислоталик ёки ишқорий холатини рН шкаласи баллари билан ўлчанилади.
- Унинг шкаласи энг пасти 0 (ноль) бўлиб, бу ўта кучли кислоталик деганидир.
- Энг юқориси 14 бўлиб, энг юқори ишқорий деганидир.
- Нейтрал эса ўртасига 7.0 га тенгдир.
Соф сув нейтралдир, унинг рНи 25 °C ҳароратда 7.0 га яқин. Совуннинг рНи 8-10 атрофида ишқорийдир. Шампун эса 6-7 атрофида бўлади. Айниқса болалар учун мўлжаллангани 7 да яъни нейтрал бўлади. Инсон ошқозон шираси эса 1.5-3.5 атрофида бўлади, қойил қоладиган жойи шунчалик кучли қислота юпқагина ошқозонимизга зиён келтирмайди!!!
Қон рНи эса 7.35-7.45 орасида яъни бир оз ишқорий бўлишлиги меъёрий холатдир. Инсон танаси қонни одатда 7.40 атрофида сақлайди.
Алколоз сабаблари.
Агар қондаги кислоталар ёки карбонат ангидрид миқдори камайиб кетиши хисобига бикарбонатлар ошиб кетса, қонимиз рНи ишқорий томонга силжиб кетади. Асосий сабабига қараб алколозни 2 хил турга бўламиз:
- Метболик алколоз. Бу қуйидаги холатларда юзага келади:
- Жуда кўп кислота йўқотиш. Агар бемор узоқ вақт кучли қайд қиласа ёки ошқозон шираси зонд орқали тортиб олинса, ошқозон шираси чиқиб кетади ва алколоз рўй беради.
- Ишқорни кўпайиб кетиши. Беморлар кўп миқдорда ишқор қабул қилса (ош сода каби).
- Буйракнинг кислота-ишқор холатини бошқариши бузилиши. Буйрак усти бези гиперфункциясида ёки тиазид, фуросемид (лазикс), этакрин кислота каби диуретик (сийдик хайдовчи) дорилар узоқ қабул қилиш оқибатида танадан суюқлик ва электролитлар чиқиб кетади. Шу ерда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиманки жуда кўпчилик ўзича сийдик хайдайдиган дамлама, ўт ва хатто дориларни узоқ вақт қабул қилиб юради ва оғир асоратларга сабаб бўлади. Шунинг учун ўт-дамламаларни хам шифокор тавсияси ва маслахати билан қабул қилинг!!!
- Нафас алколози. Инсон нафас олганда хаводан кислород киради. Кислород қонга ўтиб бутун танага тарқалади. Тўқималар кислородни қабул қилиб, ўрнига карбонат ангидрид ажратади. Бу карбонат ангидридни қонимиз ўпкага олиб келиб ташқарига чиқариб юборади. Агар инсон тез-тез ва чуқур нафас оладиган (гипервентиляция) бўлса, қондаги карбонат ангидрид миқдори камайиб кетади. Бундай холат қуйидагиларда кузатилади:
- Вахимада – инсон ўзи билмасдан тез-тез ва чуқур нафас олади. Алколоз хисобига пайдо бўладиган белгилар вахимани яна хам кучайтиради. Қўрққанга қўш кўринар деб шунга айтилса керак.
- Хар қандай оғриқда
- Қонда кислород камайиб кетишида
- Тана харорати ошиб кетишида
Алколоз белгилари.
- Алколознинг енгил холатида хеч қандай белги бермаслиги мумкин.
- Инсон таъсирчан бўлиб қолади
- Мушаклар учиши ва спазмлар кузатилиши мумкин. Асабийлашганда қалтирашни шу холат тушунтириб беради.
- Қўл-оёқ ва лаб атрофида игна санчиш каби хиссиётлар. Бу кўпроқ вахимада кузатилади ва парестезия хисобига келиб чиқади.
- Оғир холатда мушакларни оғритадиган даражада спазмлар (тетания) кузатилиши мумкин.
Алколозни диагностикаси.
- Қон тахлили. Қондаги рН, карбонат ангидрид миқдори ва бикарбонатларни аниқлаб алколозга диагноз қўйилади. Кўпроқ маълумот олиш учун электролитларни ўлчанилади.
- Сийдик тахлили. Сийдик таркибидаги электролитлар хам ўлчанилади.
Алколозни даволаш.
Даволаш алколозни келтириб чиқарган сабабини йўқотишга қаратилгандир. Сабабини йўқотиш билан бир вақтда унинг турига қараб қуйидаги даволаш усуллари фойдаланилади.
- Метаболик алколозни даволаш. Одатда бемордаги суюқлик ва электролитлар миқдорини тўлдириш ёрдам беради. Оғир холатда эса томир ичига кучсиз кислоталарни жўнатилади.
- Нафас алколози. Биринчи қилинадиган иш инсон етарли миқдорда нафас (кислород) олаётганини текширишдир. Беморга кислород берилади. Баъзан инфекция хам сабаб бўлади. У холда инфекцияни аниқлаб даволанилади. Оғриқ хисобига бўлса, оғриқни камайтириш ёки йўқотиш фойда беради.
Агар вахима хисобига келиб чиққан бўлса, беморни тинчлантириш ва нафасни камайтириш сўралади. Қоғоз ёки пластик пакетдан нафас олиш хам фойда беради. Пакетга ўзи чиқарган хаводан қайта нафас олади ва карбонат ангидридни камайиб кетиши олди олинади. Чет эл киноларида бу холатни кўп кўрганмиз. Кучли асабийлашиш ва вахима вақтида хар қандай бутун пакетдан нафас олиш сизда қалтираш ва бошқа белгилар ривожланишини олдини олади. Нафас олиш ва чиқариш пакет ичига бўлиши керак.