Юмшоқ сўгал – хавфлими? (Тўлиқ маълумот)

Расмда кўрганингиз каби холат жуда кўпчиликда учрайди. Тиббиётда буни бир неча хил номлар билан аталинади. Юмшоқ сўгал, юмшоқ фиброма ва акрохорда номлари билан хам аталинади. Бу кўпроқ ёш катталашганда чиқишни бошлайди. Узоқ йиллар давомида буни папиллома вируси келтириб чиқаради деган фикр бўлган. Хозирда эса папиллома вирусига боғланмайди.

Юмшоқ сўгал сабаблари.

Олимлар халигача аниқ сабабини топишгани йўқ. Лекин уни қўзғатиши мумкин бўлган хавф омиллари қуйидагилардир:

  • Эндокрин бузилишлари. Юмшоқ сўгал хомиладорларда (прогестерон ва эстероган каби аёллик гормонлари ошган бўлади), қандли диабет касалларида ва акромегалия (миядаги гипофиз безининг бўй ўстирадиган гормони ошиб кетиши) беморларида кўпроқ учрайди.
  • Таъсирловчи омиллар натижасида. Юмшоқ сўгаллар кўпроқ тананинг кўп таъсирланадиган, ишқаланадиган ва бурмали жойларида пайдо бўлади. Бўйин, қўлтиқ ости ва чов сохалари шундай қисмларга киради.
  • Қариш жараёни. Ёши катталарда табиий қариш жараёнида терининг қариши хисобига бу фибромалар кўпаяди.
  • Папиллома вируси хисобига. Баъзи олимлар бу вирус билан боғлайди, лекин хали аниқ тасдиғини топгани йўқ.

Юмшоқ сўгал белгилари.

Юмшоқ сўгал – кичик оёғи бўладиган, юмалоқ ёки овал шаклидаги полипдир. Унинг кўриниши:

  • Ташқи кўриниши бўлакли ёки бурмали бўлиши мумкин.
  • Ранги: тери рангида ёки ундан тўқроқ бўлади.
  • Ўлчами 1-10 мм атрофида бўлади.
  • Терининг бир жойида кўплаб миқдорда учраши мумкин.
  • Кўпроқ жойлашадиган жойлари: бўйин, қўлтиқ ости, сут бези ости, чов сохаси.
  • Ушлаб кўрилганда юмшоқ бўлади.

Юмшоқ сўгал деярли безовта қилмайди. Кийим илиниб қолса оғриши ва қонаши мумкин. Баъзан юз қисмидагиларни устара таъсирида кесиб олиш мумкин.

Юмшоқ сўгал хавфлими?

Юмшоқ сўгал яхши сифатли, хавфсиз хосила бўлиб, ракка айланишга (малигнизация) мойил эмас. Деярли доим асоратсиз ўтади ва асосан косметик муаммо хосил қилади.

Бир нарсани қатъий айтиш керакки: бу хосилаларни фақат мутахассис шифокор олиши ва олинган тўқимани гистологик текширувдан ўтказиши шарт. Асло уй шароитида, салонда ёки табибда олидириб бўлмайди.

Юмшоқ сўгални даволаш.

Уни тузатиб юборадиган ёки қуритиб тушириб юборадиган дорилар мавжуд эмас. Тиббиётда олиб ташлашни бир нечта усуллари мавжуд:

  • Оддий скальпел билан олиб ташлаш.
  • Суюқ азот билан музлатиб олиб ташлаш.
  • Электрокоагуляция қилиш.
  • Лазер ёки радиотўлқин билан олиб ташлаш.

Табиблар хам олиб ташлайди. Улар хам турли усулларни ўйлаб топишган. Энг кенг тарқалгани соч ёки дум толаси (қил) билан тубидан бойлаб қўйишади. Лекин биз буни тавсия қилмаймиз. Кўпинча юмшоқ сўгални папиллома билан адаштириб олиб қўйилади. Асосий мақсад юмшоқ сўгални олиб ташлаш эмас, балки олинган тўқимани текширишдир.

Добавить комментарий