Жигар ўсмаси — гепатоцеллюляр аденома

Гепатоцеллюляр аденома жигарда кам учрайдиган яхши сифатли ўсма бўлиб, кўпинча ёмон сифатли деб ўйлашади. Кам холатларда у ёрилади, қон кетади ва ёмон сифатлига айланади.

Бу ўсма кўпроқ туғруқ ёшидаги аёлларда айниқса перорал контрацептивлар қабул қиладиганларда учрайди. Перорал контрацептив – хомиладорликдан сақлайдиган ичиладиган дорилардир.

neptunsm.msk.ru

Одатда бирор белги бермайди ва шунинг учун узоқ вақт аниқланмасдан қолиб кетади. Кўпинча профилактик текширувларда ёки бошқа касалликлар учун текшириш жараёнида аниқланиб қолади. Ўсма ўлчами катталашиб кетса, қориннинг юқори ўнг томонида оғриқ кузатилиши мумкин. Ўсма ёрилиб, қорин бўшлиғига қон кетиб қолиши мумкин. Бундай холатда шошилинч равишда операция қилиш керак. Жуда кам холатларда ёмон сифатли ўсмага айланиши мумкин.

Касалликни ультратовуш текшируви (УТТ), компьютер томография (КТ) ва магнит резонанс томография (МРТ) орқали аниқлаш мумкин. Агар текширувлар натижасида аденома эканлигига шубха қилинса, касалликни тасдиқлаш учун биопсия қилинади. Биопсия – ўсмани бир қисмини олиб, уни гистологик ва цитологик текширувдан ўтказишдир.

Агар гепатоцеллюляр аденома перорал контрацептивлар натижасида келиб чиққан бўлса, уларни қабул қилишни тўхтатиш натижасида йўқ бўлиб кетиши мумкин. Агар ўсма ўлчами катта бўлса ёки жигарнинг ташқи юзасига яқин жойлашган бўлса операция қилиб олиб ташлаш таклиф қилинади. Агар олиб ташланмаса ёмон сифатли ўсмага айланиб кетиши ёки қон кетиши мумкин.

Добавить комментарий