Аддисон касаллиги — нимага бронза касаллиги дейилишини биласизми? (1-қисм)

Бу буйрак усти безини бирламчи ёки сурункали етишмовчилиги оқибатида келиб чиқадиган касаллик. Унинг натижасида буйрак усти бези гормонлари етишмайди.

Қисқача мазмуни:

  • Аддисон касаллиги аутоиммун реакциялар, ўсма касалликлари, инфекция ва бошқа касалликлар натижасида келиб чиқади.
  • Аддисон касаллигида ўтирган ёки ётган холатдан тик турганда бош айланиш ва холсизлик кузатилади. Бундан ташқари терисида тўқ рангли доғлар пайдо бўлади.
  • Диагноз қўйиш учун қондаги натрий, калий, кортизол ва кортикотропин миқдорлари текширилади.
  • Беморларга кортикостероид ва суюқлик тавсия қилинади.
© Springer Science+Business Media

Аддисон касаллигининг сабаблари.

Касаллик барча ёшда учрайди. Эркак ва аёллар орасида тенг тарқалган.

  • 70% холатда касаллик сабаби номаълумлигича қолади. Лекин одатда аутоиммун жараёнлар сабаб бўлади. Аутоиммун дегани тананинг ўз иммун тизими ўз хужайраларини зарарлашни бошлашидир. Аддисон касаллигида буйрак усти безининг ташқи пўстлоқ қавати зарарланади.
  • 30% холатда эса буйрак усти безини ўсма, инфекция, туберкулёз ва бошқа касалликлар таъсирида зарарланиши кузатилади. Чақалоқ ва болалардаги Аддисон касаллигида буйрак усти бези фаолияти пасайган бўлади. Уларда кортикостероид ва минералокортикоид ишлаб чиқариш камаяди. Минералокортикоидга альдостерон киради ва бу гормон инсон қон босимини хамда сув-туз алмашинувини бошқаради.

Буйрак усти бези жинсий гормонлар хам ишлаб чиқаради. Аддисон касаллигида бу гормонлар ишлаб чиқарилиши хам камаяди. Шундай қилиб Аддисон касаллигида танадаги сув алмашинуви, калий ва натрий тузи алмашинуви, қон босими бошқарилиши ва аёллардаги жинсий бузилишлар кузатилади.

Танада альдостерон етишмовчилиги натрийни кўп миқдорда сийдик билан чиқиб кетишига сабаб бўлади. Натижада тана сувсизланиб қолади ва шок ривожланиши мумкин.

Кортикостероидлар камайиши инсулин сезгирлигига таъсир қилади ва қондаги қанд (глюкоза) миқдори жуда камайиб кетади. Бу холат танада етарли миқдорда углевод ва оқсил ишлаб чиқарилмаслигига олиб келади. Натижада инфекцияга қарши кураш пасайиб кетади.

Мушакларда кучли бўшашишлик кузатилади. Бу холат юракда хам бўлади ва тана қон босими пасайиб кетади.

Хар қандай стресс вақтида буйрак усти безимиз кортикостероид гормонларини ишлаб чиқаради. Аддисон касаллигида улар камлиги учун беморларда стрессга чидамсизлик ва асоратлар кузатилади.

Буйрак усти бези фаолиятини миямиздаги гипофиз бези бошқаради. Буйрак усти бези фаолияти пасайгани учун унинг фаолиятини кучайтириш учун гипофиз бези кўп миқдорди АКТГ (адренокортикотроп) гормонини ишлаб чиқаради. АКТГ гормони буйрак усти бези фаолиятидан ташқари тери рангини бошқарувчи меланин ишлаб чиқаришни хам бошқаради. Аддисон касаллигида АКТГ кўпаяди ва одам тери ранги тўқлашиб кетади. Шунинг учун Бронза касаллиги хам дейилади. АҚШ президенти Жон Кеннедида хам шу касаллик бўлган.

Катта миқдорда костикостероид гормонлар қабул қиладиган беморларда хам буйрак усти бези фаолияти пасаяди. Бунга сабаб қондаги гормонлар миядаги гипоталамус ва гипофизни тормозлашидир. Агар бемор дорини бирданига тўхтатиб қўйса вақтинчалик буйрак усти бези етишмовчилиги келиб чиқади. Шунинг учун шифокорлар гормон дориларни хафта ва ой давомида миқдорини камайтириб кейин тўхтатишади.

Добавить комментарий