
Анизокория– бу кўз қорачиғи ўлчамини икки хил бўлишидир. Меъёрда ёруғ жойда кўз қорачиғи 2-4 мм бўлади, қоронғуликда эса 4-8 мм га кенгаяди. Иккала қорачиқ ўлчовлари орасидаги фарқ 0,4 мм дан ошиқ бўлмаслиги керак. Бундан ошиғига анизокория дейилади. Унинг икки катта гурухга бўлиш мумкин:
- Физиологик.20% холатда физиологик анизокория кузатилиб, бу касаллик белгиси эмас, балки меъёрий холатнинг бир шакли сифатида қаралади. Физиологик анизокорияни қуйидаги ўзига хосликлари мавжуд:
- Одатда қоронғу жойда анизокория кузатилади.
- Қорачиқнинг ёруғликка бўлган реакцияси тўғри сақланган.
- Қорачиқлар орасида фарқ 1 мм дан ошмайди.
- Қорачиқни кенгайтирувчи томчи томизилганда бу холат йўқолади.
- Патологик.Бу касалликлар хисобига пайдо бўлган анизокория. Қуйидаги касалликларда патологик анизокориялар кузатилади:
- Горнер синдроми – симпатик нерв тизими зарарланиши хисобига рўй беради.
- Кўз харакатлантирувчи нервининг парези – бунд турли сабаблар оқибатида қорачиқнинг қисқартирувчи мушак нерви зарарланади ва кўзни харакатлантирувчи мушак нерви хисобига бу фаолият тикланади. Кўз маълум томонга харакат қилганида шу кўз қорачиғи қисқаради.
- Дорилар хисобига – қорачиқни торайтирувчи ва кенгайтирувчи дориларни бир томонга томизиш оқибатида пайдо бўлади. Дори таъсири тугагач яна тикланади.
- Қорачиқни механик шикастланиши – турли травмаларда ва операциялар оқибатида бўлади.
- Мия ичига қон қуйилиши – инсульт ва бош мия оғир жарохатларида кузатилади.
- Транзитор (вақтинчалик) анизокория – симпатик ва парасимпатик тизим касаллилклари оқибатида пайдо бўлади. Мигрен беморларда кучли бош оғриғи вақтида кузатилади, оғриқ ўтиб кетса у хам йўқолади.
- Парино синдроми – ўрта мияни ортқи қисмлари шикастланиши оқибатида юз беради.
- Аргайл Робертсон қорачиғи – нейросифилис – яъни захмнинг мия турида кузатилади.
Бу белгини йўқотиш учун унга сабаб бўлган касалликни даволаш зарур.